Жудолик диёри
Таниқли, хассос ёзувчи Мурод Мансур бу ёруғ дунёни «Жудолик диёри» деб айтардилар ва «Бу дунёга кимки келибди, бир кун кетмай қолмайди, бу Аллоҳнинг сир синоати, уни англаб етишнинг ўзи катта ибодат», дер эдилар. У киши кейинги йигирма йил оралиғида «Жудолик диёри» номи билан бир эмас, икки эмас, бешта роман ёздилар. Бу асарларнинг тили ва маҳорати ўқувчиларга «Ўтган кунлар»ни эслатарди. Ёзувчининг яшаш жойини билмаган ўқувчилари каминадан сўраб суриштириб, зиёратларига боришар ва «Қодирийнинг асарларидан кейин энг севиб ўқиган китобим Сизнинг китобингиз бўлди» деб, дил сўзларини айтиб кетишар эди. Муроджон ака бўлса менга қўнғироқ қилиб, «Қаранг, азза базза, шундан шунга шу бир икки оғиз сўзни айтгани келишибди я, вой барака топкурлар ей», деб таъсирланар эдилар.
Гапимиз асар ҳақида эмас, у ҳақда газета ва журналларда хўп ёзилди ва ёзилмоқда. Гап шундай бир дилбар ёзувчининг охират оламига риҳлат қилганидадир. Муроджон ака айтганларидек, бу дунё омонат дунё, ҳамма ўтади. Боқий қолувчи зот Аллоҳдир. Лекин бу дунёнинг жудолик диёри эканини, боқий, абадий ҳаёт эса охиратда эканини англаб, яшаб ўтиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Ҳа, англаб етишнинг ўзи катта неъмат, у инсон бошига ёғиладиган турли туман офатлардан эмин сақлайди. Ортиқча, ўткинчи ҳою ҳаваслар ўртасига девор бўлиб тушади.
Муроджон ака ҳали ўттизга кириб кирмай республикамиздаги энг нуфузли отахон газетанинг Фарғона вилояти бўйича махсус мухбири бўлган эдилар. Ўшанда зилзила туфайли шаҳар марказидаги ҳовлилари вайрон бўлиб, Қаънидан тўрт «сотих»лик ер берилган, уйнинг девори кўтарилгану, томи ёпилмасаданоқ Фарғонага ишга жўнаворган эдилар. Вилоят катталари бундан хабар топиб, ўша жойдан дарров уй жой ажратишади, бола чақангизни кўчириб келинг, дейишади. Муроджон ака унамайдилар. Бундан хабар топган газета бош муҳаррири нега унамадингиз, деганида «тилим қисиқ бўлиб, газетага тишли мақолалар ёзолмай қоламан», деб жавоб берадилар. Бу жавобдан таъсирланган бош муҳаррир редакция ходимлари билан ҳашар қилиб, томларини ёпиб беришади. Ана шунақа, у кишининг нафси ўлик, иймонлари тирик эди.
Муроджон ака газета, журнал, ноширчилик ишларидан ажрамаган ҳолда қирқ йил маҳаллага раислик қилдилар. Ҳеч қайси маҳалла раиси бунчалик кўп ишламаган бўлса керак. Бу ниманинг ҳосиласи? Бир куни Муроджон ака маҳалла раиси сифатида бир тадбиркорнинг ишини битириб берадилар, шунда тадбиркор ўз хизматини таклиф қилади. У киши маҳалладаги камхарж оилаларнинг манзилини айтадилар. Ишдан уйга борсалар, дарвозахонада қопларда бир нарсалар турганмиш. Маълум бўлишича, тадбиркор у кишига ҳам улуш ташлаб кетибди. Нима қилдингиз, деб сўраганман ўшанда қизиқиб. «Нима қилардим, шу захоти идорага опкелтириб, етим есирларга тарқатиб юбордим», дедилар кулиб.
Муроджон аканинг жанозаларида у кишининг асарларини севиб ўқиган, жума хутбаларида мисоллар келтириб, такрор ва такрор гапирган шаҳар Бош имом хатиби Анвар қори Турсунов ва юртимизнинг улуғ олими шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳозир бўлдилар. Жанозани шайх ҳазратлари ўқидилар. У киши ўзларининг ўттиздан зиёд жилдлик «Ҳадис ва ҳаёт» силсиласига Муродхўжа ака сидқидилдан, меҳр билан муҳаррирлик қилганликларини, шунингдек «Ҳилол нашр»да «Мумтоз адабиёт дурдоналари» рукни остида босила бошлаган китобларни чоп этишни у киши таклиф қилганини, таҳрир ҳайъатида номлари борлигини айтиб ўтдилар.
Муроджон акани Зулҳижжа ойининг куз офтоби чарақлаб турган кунида, 12 октябрь, пешин пайтида тупроққа қўйдик. Жамоа тарқади, аммо биз ўғиллари билан қабр бошида қолдик. Ўртанча ўғли Абдуллоҳ «Ёсин»ни тўлалигича, бир чиройли ўқиб, отажонисига бағишлади. Падари бузруквори бу ёғини ҳам қойиллатган эканлар. Юрагимиз эзилиб, аммо «Ёсин»нинг таъсирида қалбларимиз ёришиб, «Жойингиз жаннатдан бўлсин, қабрингизга беҳишт боғларидан дарчалар очилсин, илоҳим», деб қабристондан чиқдик...
Бу дунёда Муроджон акага ўхшаб ҳою ҳаваслардан, нафс деган балодан ғолиб келиб яшаб ўтиш ҳаммага ҳам насиб қилсин. Амин, йа Роббал аъламин.
Эркин МАЛИК



