Ал-Ақсо Исроил ҳужумига учрамоқда

Ал-Ақсо Исроил ҳужумига учрамоқда

Қатор оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарларга кўра, ҳафта бошида Исроил ҳарбийлари ва полицияси Қуддуси Шарифдаги муқаддас Ал-Ақсо масжидини очиқчасига эгаллаб олишга ўтганлар. Масжидни ҳимоя қилишга келган ўнлаб фаластинликлар Исроил кучлари томонидан масжидга киритилмаган ва ҳибсга олинган.

Ислом Ҳамкорлиги Ташкилотининг Бош котиби Ияд Маданий Исроилнинг Ал-Ақсога нисбатан уюштирган тажовузини қаттиқ қоралаб, мазкур ҳаракатни жиноят деб атади. Маданий жаноблари таъкидлаганларидек, Қуддусни тўлиқ эгаллаб олишга уринаётган Исроил ҳарбийлари ва бу ерга кўчириб келтирилаётган яҳудий аҳоли муқаддас қадамжоларнинг дахлсизлигини ақл бовар қилмас даражада бузмоқдалар. ИҲТ Бош котиби қўшимча қилганидек, бундай бузғунчилик ҳаракатлари ҳамда тегишли халқаро конвенция ва резолюцияларни ўта қўпол тарзда бузганлиги учун Исроил жавобгарликка тортилиши керак, халқаро ҳамжамият, шу жумладан, БМТ Хавфсизлик Кенгаши эса Исроилнинг мазкур бузғунчилигини имкон қадар тезроқ тўхтатиши зарур.
Айни пайтда, “Ҳамас” Сиёсий бюросининг раҳбари Холид Мешаал фаластинликлар ва мусулмонларни Ал-Ақсо масжидини ҳимоя қилишга чақирган. Унинг таъкидлашича, Исроил ҳукумати араб давлатларининг диққат-эътибори Сурия ва Ироқда давом этаётган нотинч ҳолат билан банд бўлган бир вақтда, Ал-Ақсони эгаллаб олишга уринмоқда.

back to top