Жидда масжидида кар ва соқовлар учун қулайликлар яратилди
Саудия Арабистонининг Жидда шаҳридаги “Хадижа Бағалоф” масжидида кар ва соқов кишилар учун қатор қулайликлар яратилди. Жумладан, масжидда жумъа маърузаларини имо-ишора тилида ҳам бериб бориш йўлга қўйилди.
Жидда шаҳрининг ал-Насим туманида жойлашган ушбу масжидда ҳар жумъа намозида 250 нафарга яқин эшитиш ва гапириш қобилиятида нуқсони бор кишилар қатнашадилар. Улар ҳам масжидга муборак жумъа намозининг савоби ва фойдасидан умидвор бўлиб келадилар. Шунинг учун ҳам мазкур тоифа шахслар учун зарурий қулайликлар яратилмоқда, дейилади хабарларда.
Масжид имоми Шайх Абдуллоҳ ал-Ғамдий бу ҳақида сўзлар экан, жумладан шундай деган: “Масжидимизга қатнайдиган намозхонлар орасида эшитиш ва гапиришга қийналадиган кишилар ҳам борлигини кузатиб келардим. Улар ҳар сафар мен билан саломлашиб, мулоқот қилишга уринардилар. Шунда улар намоздаги жумлалар ва ояти карималарни эшита олмасликларини, жумъа маърузасидан ҳам бебаҳра қолаётганликларини англадим. Улар учун қулайликлар яратишимиз керак эди. Шунинг учун ҳам масжидимизда жумъа намози пайтида имо-ишора тилидан ҳам фойдаланишни йўлга қўйдик. Масжид қошида кар ва соқов кишилар учун имо-ишора тилини ўргатувчи махсус дарсларни ҳам ташкил этдик”.
Имом ал-Ғамдийнинг сўзларига кўра, масжид инсонлар учун муҳим ҳаёт мактаби ҳисобланади ва улкан ижтимоий аҳамиятга эга. Гапира олмайдиган ёки эшита олмайдиган биродарларимизга зарурий кўмак беришимиз керак. Афсуски, кўпинча улар ҳақида унутиб қўямиз. Уларнинг ташвишларини ўзлари ва яқинларидан бошқа бировлар хис қилиши қийин. Уларни қўллаб-қувватлашимиз ва жамиятда ўз ўринларини топишларига кўмаклашишимиз зарур.



