Қобулдаги портлаш натижасида афғон аскарлари ҳалок бўлди
Хабарларга кўра, Афғонистон пойтахти Қобул шаҳрида йўл ёқасига жойлаштирилган портловчи қурилманинг ҳаракатга келтирилиши оқибатида тўрт нафар афғон аскари ҳалок бўлган, ўндан ортиқ киши, шу жумладан олти нафар оддий фуқаро, яраланган.
Афғонистон Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, портлаш сешанба куни маҳаллий вақт билан эрталабки соат 06:45 га яқин Қобулнинг ғарбий қисмида содир этилган. “Толибон” ҳаракати мазкур портлашни ўз бўйнига олган.
Ўтган ҳафтада ҳам мамлакат шимолида, шунингдек Қобулдан жанубдаги Логар вилоятида “Толибон” ҳаракати томонидан жами бўлиб 28 нафар афғон полициячиси ўлдирилган эди.
АҚШ ҳарбийларининг маълум қилишича, йил бошидан бери 9 минг нафарга яқин афғон полицияси ходимлари ва аскарлари ўз хизмат вазифаларини бажариш пайтида ҳалок бўлганлар.



