Жоко Видодо – Индонезиянинг янги президенти
Душанба куни Индонезиянинг янги сайланган президенти Жоко Видодо қасамёд қабул қилди ва президентлик вазифаларини бажаришга расман киришди.
Ўзининг инаугурация нутқида янги президент Индонезия ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек мамлакатни ҳар томонлама ривожлантириш масалаларига тўхталиб: “Бу он – ҳаммамиз қалбларимиз ва қўлларимизни бирлаштирадиган ондир. Бу – Индонезия ўз сиёсий суверенитети, иқтисодий мустақиллиги ва маданий ўзига хосликка эга эканини тушуниш ва англаш онидир”, – деб эътироф этди.
Маълум қилинишича, 53 ёшли Видодо президент бўлиб сайлангунига қадар мамлакат пойтахти Жакарта шаҳрининг ҳокими лавозимида ишлаган.
Индонезия жануби-шарқий Осиёдаги 13,5 мингга яқин оролларда жойлашган давлат бўлиб, аҳолиси 250 миллион кишидан иборат. У дунёдаги аҳолиси энг кўп бўлган мусулмон мамлакат ҳисобланади.



