Бағдодда ресторанлар портлатилмоқда
Хабар қилинишича, Ироқ пойтахти Бағдод шаҳрида жойлашган қатор ресторанлар портлатиш ҳужумига учраган. Бунинг натижасида камида 21 киши ҳалок бўлган.
Хусусан, шаҳар шимолида жойлашган Толибия туманидаги тамаддихона олдида ва унинг автомобиллар турар жойида иккита машина портлатиб юборилиши натижасида 12 киши қурбон бўлган ва бир неча нафар шахс яраланган. Шайх Умар даҳасида жойлашган ресторан яқинида қўлбола бомбанинг портлатиб юборилиши оқибатида эса яна 2 киши ҳалок бўлган. Бундан ташқари, Бағдоднинг жанубий қисмидаги иккита ресторан олдида ҳам портлаш содир этилгани айтилмоқда.
Портлашлар орқасида ким тургани ҳозирча аниқ бўлмаса-да, қатор оммавий ахборот воситалари уларни ўзини “Абу Бакр ал-Бағдодий” деб атаётган шахс бошчилигидаги жиноий гуруҳ билан боғламоқдалар.



