Ал-Ақсодаги вазият кескин тус олмоқда

Ал-Ақсодаги вазият кескин тус олмоқда

Қатор оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарларга кўра, Исроил кучлари Ал-Ақсо масжидининг ички қисмида норозилик намойишига тўпланган фаластинликларга ҳужум қилиб, уларни зўравонлик билан масжид ичидан чиқармоқчи бўлган. Ҳужум оқибатида 20 нафар фаластинликнинг жароҳатлангани, ўнлаб кишиларнинг эса ҳибсга олингани айтилмоқда.

Тафсилотларга кўра, Исроил кучлари масжид ичига бостириб кирган ва номойишчиларни бирин-кетин ташқарига судраб чиқа бошлаган. Исроил полицияси вакилининг даъво қилишича, фаластинликлар Исроил полициясига тош отганлар.
Исроил кучлари фаластинликларни Ал-Ақсодан олиб чиққач, масжид кириш дарвозасини қулфлаб қўйганлар. “Ал-Арабия” ахборот агентлиги муҳбирининг айтишича, дарвоза кейинроқ қайта очилган.
Исроил ҳукуматининг қатор вакиллари Ал-Ақсо масжидининг амалдаги мақомини ўзгартириш ҳақида бот-бот чиқиш қилаётганликлари, шунингдек Исроил томони Қуддуси Шарифнинг шарқий қисмига яҳудий аҳолини кўпроқ кўчириб келиш бўйича амалга ошираётган ҳаракатлари фаластинликлар орасида ҳақли эътирозларга ҳамда вазиятнинг янада кескинлашувига сабаб бўлаётгани таъкидланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Қуддуси Шарифнинг шарқий қисми Исроил томонидан 1967 йилда амалдаги келишувлар ва халқаро ҳуқуқ талабларига мутлақо зид равишда босиб олинган эди. Халқаро ҳамжамият Исроилнинг ушбу босқинини тан олмаган.

back to top