Исроил вазири: “Ал-Ақсо яҳудий ибодатхонаси билан алмаштирилади”
“Шас” яҳудий экстремистик ҳаракатига қарашли “Кол Берама” радиоси орқали чиқиш қиларкан, Исроил уй-жой ишлари вазири Ури Ариэль Ал-Ақсо масжиди охир-оқибат яҳудий ибодатхонаси билан алмаштирилиши ҳақида гапирган. Жумладан, Исроил вазирининг даъво қилишича, “у (Ал-Ақсо) Исроил учун энг муқаддас ҳисобланадиган ерга қурилган” эмиш.
Қизиғи шуки, бундан атиги бир неча соат аввал Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяху Ал-Ақсо масжидининг амалдаги мақомини ўзгартирмаслигини айтган эди.
Вазир Ури Ариэль яқинлашиб келаётган сайловлар мамлакатдаги сиёсий воқеликни ўзгартириши ва бу, ўз навбатида, яҳудийларга учинчи ибодатхонани қуриш имкониятини очиб беришига умид билдирган.
Фаластин президенти Маҳмуд Аббос “Ал-Ақсо масжидининг ёпилиши уруш эълон қилинганидир”, деб таъкидлаган. Президент Аббоснинг айтишича, “Исроил ҳукумати вазиятнинг бундай хатарли тус олишига жавобгардир... Фаластин давлати Исроилни жавобгарликка тортиш ва давом этаётган ҳужумларни тўхтатиш бўйича барча ҳуқуқий воситаларни қўллайди”.



