ИҲТ Швецияни Фаластин давлатини тан олгани билан қутлади

ИҲТ Швецияни Фаластин давлатини тан олгани билан қутлади

Ислом Ҳамкорлиги Ташкилоти (ИҲТ) Бош котиби Ийад Маданий Швециянинг Фаластин давлатини тан олгани билан қутлаб, буни Фаластин халқининг қонуний ва ажралмас миллий ҳуқуқларини қайта тиклаш борасидаги муҳим қадам деб атади.

Маданий жаноблари Швеция ҳукуматининг мазкур қарори Фаластин халқининг ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилишини ҳамда халқаро ҳуқуққа ва халқаро тан олинган қарорларга, шу жумладан, БМТ Бош Ассамблеясининг 2012 йил 29 ноябрдаги “Фаластин давлатини тан олиш тўғрисида”ги резолюциясига ҳам тўлиқ мос келишини алоҳида қайд этган.
ИҲТ Бош котиби Европанинг бошқа давлатларини, шунингдек дунё мамлакатларини ҳам бу борада Швецияга эргашиб, Фаластин давлатини пойтахти Қуддус шаҳри бўлган 1967 йилдаги чегараларда тан олишга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, шу йил 30 октябрь куни Швеция Қироллиги, АҚШ ва Исроил томонидан билдирилган қаршиликларга қарамай, Фаластин давлатини тан олган эди.
1988 йилнинг 15 ноябрь санасида эълон қилинган Фаластин давлати бугунга келиб жаҳоннинг 135 та давлати томонидан тан олинган. Улар қаторига, жумладан, Бразилия, Россия, Саудия Арабистони, Туркия, Хитой, шунингдек ИҲТга аъзо давлатларнинг деярли барчасини киритиш мумкин.

(Расмда Фаластинни тан олган давлатлар харитаси)

back to top