Қозоғистонда исломий ипотека йўлга қўйилади
Қозоғистон Исломий молиялаштиришни ривожлантириш уюшмасининг раиси Ерлан Байдавлетнинг маълум қилишича, 2015 йилда қозоғистонликлар ислом банкида фоизсиз ипотекани расмийлаштириш имкониятига эга бўладилар.
Журналистлар билан бўлиб ўтган брифингда иштирок этар экан, Қозоғистонда “ҳалол-кредитлар”, яъни, фоизсиз кредитларнинг берилиши ҳақидаги саволга Ерлан Байдавлет шундай жавоб қилган: “Ушбу йўналишда иш олиб бормоқдамиз. Кейинги йил давомида бундай ипотека компаниясини тузиш бўйича иш режалаштирилмоқда... Ўйлаймизки, бу ишни Қозоғистоннинг исломий илк банки “Заманбанк” бошлаб бериши керак бўлади. Биринчи навбатда, банк лицензия олиши, кейин эса инвесторлар иштирокида муайян кўрсаткичга қадар декапитализация қилинади. Худо хоҳласа, кейинги йилда аҳоли учун бундай имконият пайдо бўлади”.
Фикрида давом этаркан, Ерлан Байдавлет “фоизсиз кредитлаш” ва “исломий банкинг” тушунчаларига изоҳ бериб, “исломий банкингда” комиссия олиш мутлақо таъқиқланганини ва буларнинг барчаси мижозга тушадиган оғирликни енгиллаштиришга қаратилганини таъкидлаб ўтди.



