Дубайда трамвайлар илк бор йўлга қўйилди
Эндиликда Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳри аҳолиси ва меҳмонлари ҳаво кондиционерлари билан жиҳозланган, премиум классидаги трамвай хизматларидан ҳам фойдаланиш имкониятига эга бўлдилар. Чоршанба куни бу ерда илк трамвай хизмати ишга туширилди.
Хабар қилинишича, трамвай излари Дубайнинг жадал ривожланаётган жануби-ғарбий қисмига ётқизилган ва уларнинг умумий узунлиги 10,6 километрни ташкил этади. Трамвай линиясида ҳозирда 11 та замонавий бекатлар барпо этилган бўлиб, улар жануби-ғарбий соҳилда жойлашган турли офис бинолари, меҳмонхоналар, турар-жой бинолари ва бошқа иншоотларни ўзаро боғлаб туради. Расмийларнинг таъкидлашича, ишга туширилган трамвай йўлларини келгусида янада узайтириш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги йилларда Дубай шаҳрида жамоат транспортини ривожлантириш учун қатор тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, “ҳайдовчисиз” бошқариладиган замонавий метро хизмати, шунингдек монорельсли поездлар шаҳар аҳолиси ва сайёҳлар учун қатор қулайликлар яратмоқда.
Шуниси қувонарлики, Дубай жамоат транспортининг барча турларида, шу жумладан ишга янги туширилган трамвай хизматида ҳам, “фақат хотин-қизлар учун” мўлжалланган алоҳида вагонлар (транспорт) йўлга қўйилган.



