Умра мавсуми 23 ноябрда бошланади
Саудия Арабистонининг Ҳаж вазирлиги 1436 ҳижрий йил Сафар ойининг 1-санаси (мил. 2014 йил 23 ноябрь)дан эътиборан Умра мавсуми бошланишини маълум қилди.
Навбатдаги Умра мавсумига келадиган зиёратчилар учун кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш, шу жумладан, зиёратчиларга визалар бериш, уларни кутиб олиш, жойлаштириш, кузатиб қўйиш каби ишларини юқори даражада ташкил этиш учун жорий этилган электрон бошқарув тизимини янада такомиллаштириш режалаштирилган. Ушбу ва бошқа масалалар Ҳаж вазири Бандар Ҳажжар бошчилигида ва Умра хизматларини кўрсатувчи ташкилотларнинг раҳбарлари иштирокида ўтказиладиган кенгайтирилган мажлисда муҳокама қилиниши белгиланган.
Масжид ал-Ҳарамда давом этаётган кенгайтириш ишлари сабабидан зиёратчиларнинг умумий сонига нисбатан 2012 йилда жорий этилган 20 фоизлик қисқартириш ушбу мавсумда ҳам сақланиб қолиши айтилмоқда. Бундан ташқари, Умра визаларининг муддати ҳам 14 кунгача этиб белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган Умра мавсумида Саудия Арабистонига чет мамлакатлардан 6,15 миллион зиёратчи келган эди.



