Мусулмон уламоларининг халқаро иттифоқи: “БААнинг қарори асоссиз”

Мусулмон уламоларининг халқаро иттифоқи: “БААнинг қарори асоссиз”

Душанба куни Мусулмон уламоларининг халқаро иттифоқи (الاتحاد العالمي لعلماء مسلمين‎) Бирлашган Араб Амирликлари томонидан Иттифоқни ҳам “Террористик ташкилотлар рўйхати”га киритилгани сабабли, ўз таассуфини билдирди. Ташкилот ўз баёнотида БААнинг қарорини асоссиз деб таъкидлаб, уни “ҳеч қандай ҳуқуқий, мантиқий ва ақлга сиғадиган таҳлил ёки суриштирувга асосланмаган”, деб баҳолади ҳамда Иттифоқни “қора рўйхатдан” чиқаришга чақирди.

Мусулмон уламоларининг халқаро иттифоқи берган баёнотда айтилишича, “Иттифоқ уни БАА томонидан террористик гуруҳлар қаторига қўшилгани бўйича ўзининг тўлиқ ва кескин таассуфини билдиради ва бундай таърифни буткул инкор этади... Бундан ўн йил олдин ташкил этилган Иттифоқ (Исломда) мўътадил ёндашув тарафдори бўлиб, экстремизм, террор ва зўравонликка қарши маданий ва маърифий воситалар орқали курашиб келмоқда... Ҳозирга қадар Иттифоқ томонидан террористик ва экстремистик гуруҳларга қарши ўнлаб баёнотлар эълон қилинган”.
Тарқатилган хабарларда Иттифоқни ушбу рўйхатга қўшиш ортида аслида ким ва қандай мақсад яширингани ҳозирча аниқ эмас, деган фирклар ҳам билдирилган.
Мусулмон уламоларининг халқаро иттифоқи 2004 йилда ташкил этилган бўлиб, ташкилот веб-сайтида маълум қилинганидек, “Иттифоқ Исломга забон, қалам ҳамда замонавий аудио ва визуал каби қонуний воситалар ёрдамида даъват этади”. Иттифоқ маҳаллий ёки минтақавий, арабий ёки миллий, шарқий ёки ғарбий тузилма эмас, у бутун Ислом дунёсидаги мусулмонлар учун хизмат қилади. Исломнинг бутун жаҳонда кенг тан олинган кўплаб олимлари Иттифоқ аъзолари сафидан жой олганлар.
Эслатиб ўтамиз, БААдаги давлатга қарашли “WAM” ахборот агентлиги томонидан ўтган шанбада тарқатилган хабарда 80 дан ортиқ турли тузилма ва гуруҳлар “Террористик ташкилотлар” рўйхатидан жой олганлиги маълум қилинган. Рўйхатда “Ал-Қоида”, “Толибон”, “Боко ҳарам”, “ИШИД” каби тузилмалар қаторида Мусулмон уламоларининг халқаро иттифоқи ҳам кўрсатилган эди.
Мазкур ҳолат юзасидан БАА расмийларининг жавоби ҳозирча маълум эмас.

back to top